ОФЕРТА ШАРТНОМАСИ

Тадбиркорлик субъектларига онлайн микрокредит ажратиш ҳақида 
оммавий оферта шартномаси

            Ушбу шартнома Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ (кейинги ўринларда-банк)нинг мижозлари бўлган тадбиркорлик субъектлари (кейинги матнларда- мижоз)га онлайн тарзда масофавий савдо каналлари (банкнинг расмий веб сайти, мобиль-банкинг ва интернет-банкинг) орқали микрокредит ажратиш бўйича расмий таклифи ҳисобланади.

Мижоз таклифда кўзда тутилган ҳатти-ҳаракатлар амалга оширган (акцептланган) пайтидан бошлаб, банк ва мижоз ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади ҳамда Кредитдор мазкур оммавий оферта шартномасининг барча шартларини истисно қилмасдан сўзсиз қабул қилганлигини англатади.

1.     ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ

1.1. Банк белгиланган скорингдан ўтган ҳамда ушбу офертани акцептловчи мижозга онлайн тарзда микрокредит бериш мажбуриятини, мижоз эса олинган микрокредит маблағларини белгиланган муддатда қайтариш ва микрокредитдан фойдаланганлиги учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

 

2.     МИКРОКРЕДИТ АЖРАТИШ ТАРТИБИ

2.1.      Микрокредит миллий валютада кредит линияси очмаган ҳолда, мижознинг ссуда ҳисобварағидан унинг банкдаги асосий талаб қилиб олингунча ҳисобварағига нақдсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан ажратилади.

2.2.      Кредит бўйича Банкнинг мобиль иловаси, интернет-банкинг (банк-мижоз) дастури ва банк расмий веб сайти (юридик шахснинг шахсий кабинет) орқали мижоз онлайн аризасига мувофиқ 24/7 режимида буюртмалар қабул қилинади.

2.3.      Микрокредит   шартномаси акцептланган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан ажратилади. Мобиль илова, интернет-банкинг (банк-мижоз дастури) ва банкнинг расмий веб сайти ишлаши билан боғлиқ бўлган ички ва ташқи маълумотлар базалари ҳамда Банкнинг дастурий таъминотларида кутилмаган техник носозликлар рўй берган  ҳолатлар бундан мустасно. Ушбу ҳолатда техник носозлик бартараф этилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан микрокредит ажратилади.

 

3.     МИКРОКРЕДИТ ШАРТЛАРИ

3.1.      Микрокредит миқдори: мижоз скоринг натижаларидан келиб чиқиб, аниқланган лимит доирасида, 100 000 000 (Бир юз миллион сўм)дан ошмаган миқдорда.

3.2.      Микрокредит муддати: 12 ой.

3.3.      Фоиз ставкаси: йиллик 27,99% (Марказий банк асосий ставкаси+14%).

3.4.      Кредит таъминоти: қарз олувчи мижоз томонидан кредит қайтмаслик хатаридан суғурта полиси (ушбу харажат мижоз томонидан амалга оширилади).

 

4.     ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТАРТИБИ

4.1.      Микрокредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўлаш муддати: ҳар ойнинг
белгиланган санаси ва кредитни охирги қайтариш санасида.

4.2.      Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳар куни Банк томонидан ҳисоблаб борилади.

4.3.      Мазкур шартнома шартларига асосан ажратилган кредитни ҳамда у бўйича фоизларни қайтариш тўлов топшириқномаси орқали пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

4.4.      Таъминот (суғурта полиси) билан боғлиқ харажатлари кредит ажратилишидан олдин амалга оширилади.

4.5.      Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 248-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:

a)   асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;

b)   жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;

c)   неустойка (жарима, пеня);

d)   кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.

4.6.       Қарз олувчи томонидан кредит бўйича асосий қарз ва фоизларни тўлаш муддати ўтказиб юборилганда, Банк қарз олувчининг барча ҳисобварағидан керакли суммани унинг топшириғисиз сўзсиз (акцептсиз) тартибда тўлов талабномаси ёки мемориал ордер орқали ҳисобдан чиқаради (ундириб олади).

 

5.     ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

5.1.      Банкнинг ҳуқуқлари:

5.1.1.     Қарз олувчи тўловга лаёқатсиз деб топилганда, кредитни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганда, тақдим этилган кредитни қайтарилишига таъсир кўрсатувчи маълумот ва ҳисоботларнинг ҳақконий эмаслиги шартнома имзолангандан кейин аниқланганда ҳамда Қарз олувчи томонидан Банкнинг ушбу шартнома бўйича мажбуриятлари кучга кирган вақтдан бошлаб 2 иш куни муддат давомида кредитдан фойдаланилмаганда (тўлов ҳужжатларини тақдим этмаслик) ушбу шартномада назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортиш.

5.1.2.     Кредитлаш жараёнида ажратилган кредитга тегишли бўлган бухгалтерия ва статистик ҳисоботларни (корхонанинг молиявий-хўжалик аҳволи, кредитнинг таъминланганлиги, кредитга лаёқатлилиги ва бошқалар) олиш ва таҳлил қилиш.

5.1.3.     Қуйидаги ҳолларда қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатиш ва фоизларни ҳамда кредит бўйича асосий қарзни муддатидан олдин, шунингдек ундирувни кредит таъминотига қаратиш орқали ундириш:

     Қарз олувчи томонидан мазкур кредит шартномасида белгиланган  ҳар қандай тўлов мажбуриятлари бажарилмаган ҳолларда;

     Қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашганда (зарарлар, ноликвид баланс ва бошқалар) бухгалтерлик ҳисоби лозим даражада юритилмаганда, тақдим этилган ҳисоботларнинг нотўғрилиги (ҳаққоний эмаслиги) аниқланганда;

     ажратилган кредитнинг қайтарилиши турли сабабларга кўра  таъминланмаган бўлиб қолган ҳолларда, ёки Банк хулосасига кўра тақдим этилган таъминот тўлиқ ёки қисман ўз қийматини йўқотган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда;

     кредит қайтарилишига салбий таъсир кўрсатувчи мазкур шартномада кўзда тутилган бошқа мажбуриятлар бажарилмаганда;

     мазкур шартнома билан боғлиқ бўлган бошқа шартномалар (гаров, кафиллик, кафолат) шартлари бажарилмаганда ёки бузилганда.

              Бундай ҳолларда Банк олдиндан 10 кундан кўп бўлмаган муддат ичида қарз олувчини хабардор қилади, аммо қарз олувчини Банк томонидан огоҳлантирилмаганлиги Банкнинг бундан буён кредитлашни тўхтатиш ва фоизларни ҳамда кредит бўйича асосий қарзни муддатидан олдин ундиришга бўлган ҳуқуқига ўз таъсирини кўрсатмайди.

5.1.4.     Банк хулосасига кўра тақдим этилган таъминот тўлиқ ёки қисман ўз қийматини йўқотган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, кафил ёки кафолат берувчи тўловга лаёқатсиз бўлганда қарздордан етарли қийматдаги қўшимча таъминот талаб қилиш.

5.1.5.     Қарз олувчининг кредит тарихини шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни Кредит ахборот таҳлил маркази ва Кредит ахборот миллий институтиларига тақдим этиш.

5.1.6.     Мазкур Шартнома бўйича Банк ўзининг қонуний талабларини қаноатлантириш учун зарур бўлган тегишли пул маблағларини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 783-моддасига мувофиқ, Қарз олувчи мижознинг барча ҳисобварағларидан унинг топшириғисиз сўзсиз (акцептсиз) тартибда тўлов талабномаси ёки мемориал ордер орқали ундириб олиш.

5.2.      Қарз олувчининг ҳуқуқлари:

5.2.1.     Кредит маблағлари ажратилгунига қадар кредит олишдан воз кечиш;

5.2.2.     Кредит маблағларини муддатидан олдин қайтариш.

5.2.3.     Кредит қарзорликлари бўйича Банкдан маълумотлар олиш;

5.2.4.     Кредитлаш ва ҳисоб-китоблар бўйича Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва Банкнинг ички меъёрий ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳақида Банкдан маълумот олиш.

5.3.      Банкнинг мажбуриятлари:

5.3.1.     Қарз олувчига мазкур шартномада белгиланган миқдорда ва шартларда микрокредит ажратиш.

5.3.2.     Олинган микрокредит бўйича қарз олувчига ссуда ҳисобварағини очиш.

5.3.3.     Қарз олувчини Банк томонидан кредитни муддатидан илгари ундириш фактлари ва сабаблари ҳақида хабардор қилиш.

5.4.      Қарз олувчининг мажбуриятлари:

5.4.1.     Кредитни ва у бўйича ҳисобланган фоизларни мазкур шартномада белгиланган муддатларда ва миқдорда тўлиқ қайтариш.

5.4.2.     Кредитдан фойдаланиш даврида кредитлашнинг қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик ва муддатлилик тамойилларига риоя қилиш.

5.4.3.     Қарз олувчининг молиявий аҳволини мониторинг ва таҳлил қилиш учун Банкка заруратга кўра молиявий ҳисоботлар ҳамда бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш.

5.4.4.     Ташкилий-ҳуқуқий шаклининг ўзгариши ёки қарз олувчининг молиявий аҳволига ўз таъсирини ўтказувчи ҳар қандай бошқа ўзгаришлар ҳақида Банкни олдиндан (15 кун аввал) ёзма равишда хабардор қилиш.

5.4.5.     Қайта ташкил этилаётганда (ҳуқуқий ворис бўлган ҳоллар бундан мустасно) ёки тугатилаётганда зудлик билан кредитни муддатидан олдин қайтариш ҳамда ҳисобланган барча фоизларни тўлаш.

5.4.6.     Мазкур шартнома амал қилиш муддати давомида қарз олувчи қуйидагиларнинг бажарилишини таъминлаши лозим:

     мижоз фаолияти бўйича пул маблағлари айланмасини мазкур банкдаги асосий ҳисоб рақами орқали амалга ошириш ва барқарор пул тушумини таъминлаш;

     ҳар қандай суд низолари, шартномавий мажбуриятлардаги ёки унинг молиявий ҳолати бўйича кредитнинг қайтарилишига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ўзгаришлардан Банкни хабардор қилиб туриш;

     ўзининг фаолиятини амалга ошириш ва мазкур шартнома шартларини бажариш учун лозим бўлган барча рухсат ва лицензияларни ўз вақтида олиш ва уларнинг муддатини узайтириш.

5.4.7.     Таъминот (суғурта полиси тўлови) бўйича харажатлари тўловини амалга ошириш.

5.4.8.     Тақдим этилган таъминот тўлиқ ёки қисман ўз қийматини йўқотган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда етарли қийматдаги қўшимча таъминот бериш.

5.4.9.     Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 776 ва 783 моддаларига асосан Банкнинг биринчи талаби билан мазкур талабни қондириш учун етарли бўлган пул маблағларини ўзининг барча ҳисобварағларидан Банк ҳисобварағига ўтказиш тўғрисида ўзига хизмат кўрсатувчи банкка топшириқ бериш.

 

6.     ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

6.1.      Асосий қарзни қайтариш муддати кечиктирилганда (муддати ўтган кредитга), Қарз олувчи Банкка бутун кечиктирилган давр учун шартномада белгиланган фоиз ставкасининг 1,5 баравар оширилган миқдорида юқори фоиз тўлайди.

6.2.      Мазкур шартномада кўрсатилган муддатда кредит ажратилмаганда, Банк қарз олувчига кечиктирилган тўловнинг ҳар бир куни учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,1% миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 10%дан ошмаган миқдорда пеня тўлайди (мижоз томонидан суғурта полиси учун тўловларни амалга оширмаган ҳоллар бундан мустасно).

6.3.      Фоизларни белгиланган муддатда тўламаганлиги ва улар бўйича муддати ўтган суммалар вужудга келгани учун қарздор Банкка кечиктирилган тўловнинг ҳар бир куни учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,1%и миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг  50%идан ошмаган миқдорда пеня тўлайди.

6.4.      Мазкур шартномада кўзда тутилмаган ҳолатлар бўйича жавобгарликлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ўрнатилади.

 

7.     НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

7.1.      Томонлар ушбу оферта юзасидан келиб чиқиши мумкин бўлган келишмовчилик ва низоларни музокаралар йўли билан ҳал қиладилар. Агарда кўрсатиб ўтилган келишмовчилик ва низолар музокаралар йўли билан ҳал этилмаса, улар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан Банк хизматлари офиси (БХО),   Банк  хизматлари  маркази  (БХМ) жойлашган жойдаги судда ҳал этилади.

7.2.      Низолар вужудга келган тақдирда, Банк ёзувлари, кўчирмалар ҳар икки томон учун мазкур оферта бўйича мажбуриятлар исботининг далили бўлиб ҳисобланади.

7.3.      Низони судгача ҳал қилишда талабнома юбориш тартибига амал қилинади. Қарз олувчи (қўшимча қарздор, кафил) кредит шартномаси бўйича кредитнинг асосий суммасини қайтариш ва (ёки) фоизларни тўлаш муддатларини бузганда, Банк Қарз олувчининг банкка маълум бўлган манзилига почта орқали (ёки мавжуд электрон манзилига) низони судгача ҳал қилиш юзасидан ўз талабномасини юборади.

7.4.      Банк кредит шартномаси бўйича муддатида тўланмаган қарздорлик мавжудлиги ҳақидаги талабномани кредит таъминоти эгалари, кафил шахслар ва кафолат берувчи суғурта компаниясига ҳам юбориши мумкин.

7.5.      Банк йўллайдиган талабномада банк номи ва уни идентификациялаш учун етарли маълумотлар, талабнома расмийлаштирилган санадаги жорий қарзи миқдори ва таркиби, қарзни тўлаш муддати 10 (ўн) кун, талабномада кўрсатилган муддатгача истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатлари, кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бузганлиги учун неустойка (жарима, пеня) қўлланилиши ва уларнинг натижасида истеъмолчининг харажатлари суммаси ошиши эҳтимолини билдириб, низони судгача ҳал қилиш бўйича банкка мурожаат қилиш лозимлиги кўрсатилади.

7.6.      Талабнома юборилган (почтага топширилган) кундан бошлаб 10 кун ичида Қарз олувчи (қўшимча қарздор, кафил ва кафолат берувчи) унда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, Банк тегишли талаб билан судга даъво ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

              Бунда Банк талабномадаги суммани ёки ўз танловига кўра даъво ариза расмийлаштирилаётган санадаги мавжуд қарздорликларни ундириш бўйича судга даъво ариза (ариза) киритишга ҳақли бўлади.

 

8.     ОФЕРТАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ

8.1.      Мазкур оферта акцептлангандан сўнг кучга киради, Қарз олувчи мижоз томонидан ушбу оферта бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунига қадар амалда бўлади.

8.2.      Мазкур шартнома муддатидан олдин, шартномада кўзда тутилган ҳолларга асосан бир томонлама бекор қилиниши мумкин.

8.3.      Мазкур шартнома томонлардан бирининг ташаббуси билан бекор бўлганда, Қарз олувчи Кредит бўйича барча қарздорликларни Банкка тўлаши шарт.

 

9.     ФОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАР

9.1.      Агар шартнома имзолангандан сўнг, тарафларнинг эрки ва истагига боғлиқ бўлмаган ҳамда олдиндан кўра билиб ёки олдини олиб бўлмайдиган, фавқулодда вазиятлар оқибатидаги енгиб бўлмас куч туфайли тарафлар мазкур Шартнома бўйича олган мажбуриятларини қисман ёки тўлиқ бажара олмасалар (форс-мажор), бунинг учун улар жавобгар бўлмайдилар. Бунда тарафларнинг ҳеч бири, ажратилган кредитни қайтариш бўйича мажбуриятдан ташқари, кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплашни талаб қилишга ҳақли бўлмайди.

9.2.      Қуйидагилар фавқулодда вазиятлар (форс-мажор) бўлиб ҳисобланади: сув тошқини, ёнғин, зилзила, портлаш, бўрон, ер кўчкиси, эпидемия ва бошқа табиат ҳодисалари, уруш ёки ҳарбий ҳаракатлар, фуқаролик тартибсизликлари, террорчилик ҳаракатлари, ҳукумат ва давлат органларининг актлари.

9.3.      Тарафлар форс-мажор ҳолатлари вужудга келганлиги ва тугаганлиги ҳақида зудлик билан ёзма равишда бир-бирларини хабардор қилишлари лозим.

9.4.      Форс-мажор холатига асосланаётган тараф, ваколатли давлат идорасининг бундай ҳолатларни вужудга келганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатини тақдим этиши шарт.

10.  КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ШАРТЛАР

10.1.   Тарафлар  ушбу  шартнома бўйича ўз мажбуриятларини  бажараётганда уларнинг ҳар бири ўз фаолиятида коррупцион харакатларни тўлиқ таъқиқлаш ва ҳар қандай шаклда ёрдам (бевосита ёки билвосита), шу жумладан пул маблағлари, қимматбаҳо буюмлар, бошқа мол-мулк ёки мулкий характердаги хизматлар, бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш/бериш, муайян масалаларни тезроқ ҳал қилишни таъминлаш, маъмурий ва бошқа тартиб-қоидаларни соддалаштириш, рақобат ва бошқа афзалликларни таъминлашни тўлиқ рад этади. Томонлар ўз фаолиятида амалдаги қонунчилик, шунингдек унинг асосида ишлаб чиқилган коррупцияга қарши курашишга қаратилган сиёсат ва тартиб (агар мавжуд бўлса)талабларига амал  қиладилар.

10.2.   Тарафлар ушбу шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариш чоғида на ўзлари, на ижроия органи, на уларнинг масабдор шахлари ёки ходимлари бирон-бир шахсларга (жумладан, жисмоний шахслар, тижорат ташкилотлари ва давлат мансабдор шахслари) коррупцион тўловларни тақдим этишни таклиф қилмаслигини, тақдим этмаслигини, розилик бермаслигини,  шунингдек ҳар қандай шахсдан (тўғридан-тўғри ёки билвосита) ҳар қандай коррупцион тўловларни олишга ёки қабул қилишга рози бўлмасликларини  кафолатлайди.

10.3.   Мазкур бўлимнинг бирон бир шартлари бузилган тақдирда, тегишли тараф бошқа тарафни бундай бузилиш содир бўлган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиш мажбуриятини олади. Тараф ёзма хабарномада ушбу бўлимнинг қайси  бир қоидалари бузилганлигини тасдиқловчи ишончли фактлар  ва материалларни тақдим қилиши шарт.

              Ёзма хабарномалар “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан ташкил этилган жисмоний ва юридик шахслар учун коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс ишонч линияси” каналлари (тел:78 150-59-95, веб сайт www.brb.uz, Telegram мессенжер BRB AntiKor (@brbantikor_bot) орқали амалга оширилади.

10.4.   Ушбу бўлим қоидалари тарафлардан бири томонидан  бузилганлиги факти тасдиқланганда ва/ёки бошқа тарафнинг қоидабузарликларни кўриб чиқиш ҳақида хабарнома натижалари  юзасидан маълумот тақдим қилмаган тақдирда, бошқа тараф шартномани бир тарафлама  қисман ёки тўлиқ бекор  қилишга  ҳақли. 

10.5.   Мазкур шартномани коррупцияга қарши  шартларга асосланиб бекор қилган тараф, бундай бекор қилиш натижасида етказилган ҳақиқий зарарни талаб қилишга ҳақли. Зарарларни қоплаш  тарафлар томонидан ёзма равишда тасдиқланаган далолатномада белгиланган муддат ва миқдорда амалга оширилади.

 

11.  БОШҚА ШАРТЛАР

11.1.   Қарз олувчи, ўзига тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган ахборотларни ва маълумотларни Банк томонидан учинчи шахсларга берилишига ёки улардан фойдаланишига ўз розилигини беради.

11.2.   Мазкур шартноманинг бир ёки бир нечта шарти қонунга ёки суд қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотса, шартноманинг бошқа шартлари бекор бўлишига асос бўлмайди.

11.3.   Мазкур шартномада кўзда тутилмаган бошқа ҳолатлар бўйича томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосан ҳал этадилар.

11.4.   Томонларнинг банк реквизитлари, манзиллари ўзгарган ҳолларда албатта бир-бирларини ёзма равишда хабардор қилишлари шарт.

 

Банк реквизитлари:

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ.

Манзил: Тошкент ш., Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси, 18А- уй.

МФО: 01037; СТИР: 206916313

Телефон: +998 (78) 150-00-55, Веб саҳифа: www.brb.uz